Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ва Малака ошириш институти ходимларининг жисмоний тайёргарлик ҳамда жанговарлик қобилиятларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йили режасига асосан дала ўқ отиш машқлари ташкил этилди.
Амалий ўқ отиш машқлари аввалида ходимларга Калашников автоматидан нишонни тўғри забт этиш, ўқ отар қуроллардан фойдаланиш, унга хизмат кўрсатиш ва уларни қўллашнинг ҳуқуқий асослари бўйича тушунтирилди.
Шунингдек, ходимларнинг хизмат қуролининг таркибий қисмлари, уни қўллаш, олиб юриш, сақлаш қоидалари, хавфсизлик чоралари, тўлиқсиз қисмларга ажратиш ҳамда йиғиш борасидаги билимлари текширилди.
Шундан сўнг ходимлар ўқ отиш майдончасида Макаров пистолетидан ва Калашников автоматидан ўқ отиш борасидаги назарий билимларини амалиётда бажардилар. Жумладан қуролдан фойдаланиш, масофадан ўқ отиш, мўлжал олиш каби жараёнларни бажариб кўникма орттирдилар.
Натижалар масъул ходимлар томонидан баҳоланиб, яхши натижа кўрсатолмаганларга керакли тавсиялар берилди.
Албатта, бундай амалий машқларни ўтказиш ходимларнинг ўқ-отар қуролга нисбатан кўникмасини ҳосил қилишда, уни моҳирона қўллай олиш қобилиятини шакллантиришда ва доимий жанговар ҳолатда бўлишларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ Малака ошириш Институти Матбуот хизмати