Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида "Терроризм ва экстремизмга қарши курашда ички ишлар органлари ходимларининг диний билимларини ошириш-давр талаби" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбати шаклида ташкил этилган тадбирда Инновация университети ректори, сиёсатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Нуриймон Абулхасан, институт профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-ёшлар иштирок этди.
Институтнинг Юридик кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад - ёшларни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, зарур вақтда ана шундай кучларга қарши маърифат билан курашиш кераклигини тушунтиришдан иборат бўлди.
Нотиқ жаҳоннинг барча мамлакатларида мавжуд бўлган ва ўз қаторини ёшлар ҳисобига кўпайтириш йўлида фаолият олиб бораётган оқимлар ҳақида тўлиқ ва асосли фикрлар келтирди. Тингловчиларни огоҳликка даъват этиш баробарида, бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизда, миссионерлик, диний экстремизм ва оммавий маданият таъсирига тушиб қолган ёшлар тўғрисида батафсил маълумотлар берди ҳамда бевосита бу каби ҳолатлар қатнашчиларига айланиб қолмаслик учун аввало илм ўрганиш кераклиги ҳақида гапириб ўтди.
Тадбирда ҳозирги очиқ ахборот тизими даврида аҳоли, аввало ёшларда ҳар қандай ахборотга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, четдан келаётган турли хил ахборотларни қабул қилишда анализ-синтез қила олиш қобилиятини шакллантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир сўнгида тингловчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан тўлақонли ва асосли жавоблар олишди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати