<

Янгилик ҳақида батафсил

Ишчи гуруҳ вакиллари Сайхон “МФЙ”да олиб борилаётган ишлар билан танишди
April 23, 2025

     Жорий йилнинг 21 апрелдан бошлаб Жиззах вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, миграцияда бўлган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

   Шу доирада, Республика ишчи гуруҳининг Жиззах шаҳрига бириктирилган вакили Б. Мусурманов оғир ҳудудлар сирасига кирувчи “Сайхон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли томорқаларига сув чиқариш, бетон ариқлар орқали сув етказиб бериш, КВП (кичик водопровод пункти)ни таъмирлаш каби амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

     Ташриф давомида лойиҳа устида ишлаётган мутасаддилар ва пудратчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Ишларнинг секин суръатда кетаётгани танқид остига олиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Сув инфратузилмасини яхшилаш орқали аҳоли томорқаларининг унумдорлигини ошириш ва турмуш шароитларини яхшилаш долзарб вазифа этиб белгиланди.

        Ҳудуддаги мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал этиш, ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш бўйича масъулларга қатъий кўрсатмалар берилди.

 

Жиззах шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати