<

Янгилик ҳақида батафсил

Жиззах шаҳрида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди
April 23, 2025

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, жорий йилнинг 21 апрель санасидан бошлаб Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти маҳаллаларида аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда чет элда меҳнат қилаётган фуқаролар билан манзилли ишлаш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

      Мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Жиззах шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида муҳим йиғилиш ташкил этилди. Унда Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов ҳамда Республика ишчи гуруҳи аъзоси Б.Мусурмонов бошчилигида шаҳардаги барча мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

    Йиғилиш давомида Президент топшириғига мувофиқ белгиланган устувор вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Аҳоли мурожаатлари асосида жойларда амалга оширилаётган ишлар, муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳар бир маҳалла бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни аниқлаш ва уларга зарур кўмак кўрсатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

   Тадбир якунида ишчи гуруҳ ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасида ҳамкорликда ишлаш, вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

     Мазкур ташаббус аҳоли фаровонлигини ошириш, муаммоларга бевосита жойларда ечим топиш ҳамда давлат органлари ва фуқаролар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

 

 Жиззах шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати