Ички ишлар Вазирлиги Малака ошириш институтида тингловчилар иштирокида Республика Маънавият ва маърифат маркази Бектемир тумани бўлими томонидан “Илҳақ” ва "Ибрат" фильмлари тарғиботига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Унда Институт профессор-ўқитувчилари, ходимлар, тингловчилар ва Бектемир тумани Миришкор маҳалла фаоллари қатнашдилар.
Ўзбекистон Республикаси тарихи, Ўзбек халқининг қаҳрамонона урф-одатлари, ўтмиш тарихини қамраб олган ҳолда ҳамда ватанпарварлик ҳиссини оширувчи “Илҳақ” бадиий фильми реал воқеаларга асосланган Иккинчи жаҳон урушида фарзандларини йўқотган оналар, уларнинг жасоратига бағишланган. Фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири - Тошкент вилояти Хонобод қишлоғида яшовчи Зулфия Зокирова бўлиб, аянинг урушда барча 5 ўғли ҳалок бўлган.
Иккинчи жаҳон урушидаги воқеалар ва унда аскарлар, зобитлар ва генераллар кўрсатган жасоратни эсга олар эканмиз, Ватанга ўзи учун энг қадрлиси – ўз ўғилларини фидо айлаган оналарни эсга олмасликнинг иложи йўқ.
Фильм айнан шу мақсад – Ватан йўлида улкан йўқотишни матонат билан бошдан кечирган оналар хотирасини абадийлаштириш мақсадида суратга олинган.
Юқоридаги фильмлар намойиши орқали тингловчиларнинг она ватанига бўлган садоқати янада мустаҳкамланади.
Фильм намойишидан сўнг, сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида яратилган ижод маҳсули халқимизнинг бой маънавий хазинасидан ўрин олишини эътироф этдилар. Зеро, бу каби бадиий фильмлар ўзбек халқининг бемисл жасорати, матонати шу билан бирга олийжаноб хислатларини кўрсатиб бермоқда.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати