Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида анъанага айланди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети тингловчилари билан ўтказилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбирда вазирлик Фахрийлар кенгаши аъзолари, истеъфодаги генерал-майор Хабибулло Хожиматов, истеъфодаги полковник Баҳодир Маматкаримов ва Ёшлар етакчилари кенгаши раиси, майор Юсуфжон Юсуфов, институт раҳбарияти, ходимлари ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирни институт бошлиғининг ўринбосари, подполковник Қодиржон Атабаев очиб, кейинги йилларда мамлакатимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар ва янгиланишларнинг мағзини чақиш, мазмунини онг-у қалб билан англаб етиш ва уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини айтиб ўтди.
Учрашув давомида сўзга чиққанлар, фахрийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб берди. Киши ўз олдига мақсад қўйиши ва келажагини режалаштириши лозимлиги, бу йўлда албатта унга муаммолар учраши ва бу муаммолардан билими, салоҳияти ва интилишлари билан енгиши лозимлиги барчага ибрат бўлгулик ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди.
Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош мавзусига айланди.
Дарҳақиқат, кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар тингловчиларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Бу каби учрашувлар ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш – келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати