Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига асосан Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультетида бешта мутахассислик йўналишлари бўйича таълим олаётган тингловчилар Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий хизматлари Патруль-пост хизмати, Йўл-патруль хизмати, Паспорт тизимини таъминлаш, Жазони ижро этиш хизмати ва Махсус операцияларни амалга ошириш хизматида малакавий амалиётни ўтадилар.
Амалиёт якунида Институт ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг малакали ходимлари иштирокида якуний имтихонлар ўтказилди.
Амалиётнинг якунланиши муносабати билан Институт бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Улуғбек Расулев бошчилигида малакавий амалиёт таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Касбий тайёргарлик факультети Махсус фанлар цикли бошлиғи, подполковник Аъзамжон Вахидовнинг малакавий амалиёт даврида амалга оширилган ишлар бўйича ахбороти тингланди. Нотиқ сўзида малакавий амалиётни ўтказишдан мақсад тингловчилар томонидан эгаллаган назарий билимларни мустаҳкамлаш ва хизмат фаолияти давомида учрайдиган турли хил вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
Муҳокама давомида Институт бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан амалиёт даврида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга оид чора-тадбирлар белгиланди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати