Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ва Тошкент шаҳар Бектемир тумани Фавқулотда вазиятлар бўлими мутахассис ходимлари билан ҳамкорликда Институтнинг Бектемир тумани ўқув базасида бошланғич касбий тайёргарликдан ўтаётган тингловчилар билан “Долзарб 30 кун” тадбири доирасида ёнғинларни олдини олиш, ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиби, ҳаво ҳарорати кўтарилиши муносабати билан электр ва совутиш ускуналаридан тўғри фойдаланиш қоидалари шунингдек, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш кўникмалари бўйича давра суҳбати ўтказилди.
Мақсад институт ходимлари ва тингловчиларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласига бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, уларда мулкларни ёнғиндан асраш бўйича иммунитет ҳосил қилиш, ҳар бир тингловчига ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича билимларни сингдириш, ҳар бир тингловчини ўт ўчиришнинг бирламчи воситаларидан фойдалана олишга ўргатишдан иборат.
Тадбир давомида ёнғинни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан эҳтиёт бўлишларини, носоз электр мосламаларидан фойдаланмасликларини тарғиб қилувчи эслатмалар тарқатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда тадбир иштирокчиларига бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш тартиблари ўргатилиб, кўргазмали чиқишлар ташкил қилинди.
Тадбир якунида тингловчилар томонидан берилган саволларга Бектемир тумани Фавқулотда вазиятлар бўлими мутахассис ходимлари жавоб бердилар.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати