<

Янгилик ҳақида батафсил

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида факультатив машғулотлар бўлиб ўтмоқда
July 5, 2024

    Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгартиришлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг шакли ҳамда уларни расмийлаштириш тартиб борасидаги малакасини шакллантириш мақсадида факультатив машғулотлар ташкил қилинди.

     Машғулотлар Институт Касбий тайёргарлик факультети Махсус фанлар цикли малакали ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда. Жумладан, Институт Махсус касбий фанлар цикли ўқитувчиси, подполковник Баҳром Турғунбоев томонидан “Йўл-патруль фаолияти” йўналишида таҳсил олаётган тингловчилар билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти”  мавзусида машғулот ўтказилди.

     Факультатив машғулотда интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда тингловчиларнинг мазкур фармонга оид билим ва кўникмалари   шакллантирилди. Машғулотда ушбу фармонга мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқиши тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.

         Тингловчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати