Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказини бориб кўрди. Марказдаги учрашувга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳузуридаги олий ўқув юртлари ректорлари таклиф этилди. Улардаги ўқув дастурларини шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, дарслар ва илмий ишларнинг ҳаёт билан ҳамнафаслигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ички ишлар вазирлигида учувчисиз қурилмаларни қўллаш бўйича тузилма ташкил этиш вазифаси қўйилди. Жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзоланди.
Учрашувда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти полковник О.Т.Ахмедов ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги директори М.Ибодуллаевлар иштирок этишди.
Мазкур Келишувнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида “Дрон-раcинг” - дронлар пойгаси мусобақа турини ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратларига дрон операторлари мутахассислик йўналишидаги билимлари ва кўникмаларини ошириш, учувчисиз учиш аппаратлари технологияларини ривожлантириш ва амалий фаолиятда ишлатишни ўрганиш, янги ихтиролар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, учувчисиз учиш аппаратлари технологияларини ривожлантиришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишдан иборат.
Шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари операторларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида мавжуд инновацион илмий тажрибалар ва ишланмаларни татбиқ этган ҳолда ускуна ва ишланмалардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, замонавий услуб ва усулларни қўллаган ҳолда ҳар иккала томондан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва инновацион лойиҳалар билан ўзаро танишиш, таҳлил қилиш ва ўрганиш жараёнини йўлга қўйиш, томонларнинг таркибий бўлинмалари томонидан ихтирочилик, илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларини ташкил этиш ва амалга оширишда ўзаро кўмаклашиш, тажриба алмашиш, етук мутахассислар, илмий ходимлар (профессор-ўқитувчилар) томонидан маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция, семинар ва анжуманлар ташкил қилинади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати