Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш баробарида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар самараси ўлароқ, ички ишлар органларида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Бугунги кунда жамиятда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 январдаги “Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, Ички ишлар органларининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида бир қанча янги тартиблар жорий қилинди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “подполковник” махсус унвонини бериш учун махсус малака ошириш курсига келган тингловчилар билан мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти институт Махсус касбий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Зуҳра Алиева томонидан ўқув машғулоти давомида кенг ёритилди.
Машғулот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонига мувофиқ, 2023 йил 1 июндан бошлаб ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида ёшлар орасидан ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳларини ташкил этилиши йўлга қўйилганлиги ҳамда ушбу гуруҳ аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимидаги Жамоат хавфсизлиги университетига ўқишга киришда имтиёзлар бериш тартиблари ҳам тушунтириб ўтилди.
Машғулот якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.