<

Янгилик ҳақида батафсил

Мастер-класс машғулоти ўтказилди
May 31, 2024

     Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ташкил этилган Ички  ишлар органлари ходимларига навбатдаги “подполковник” махсус унвонини бериш учун махсус малака ошириш курси тингловчилари билан “Одам савдоси ‒ давр муаммоси. Ички ишлар органлари олдида турган вазифалар” мавзуда вазирлик Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник А.А. Бобоев ва Махсус-касбий фанлар кафедраси профессори, ю.ф.б.ф.д. (PhD), профессор, подполковник А.А. Амановлар томонидан мастер-класс машғулоти ўтказилди. 

     Қайд этиш керакка, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида улкан ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи миллий қонунчилигимиз халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига мослаштирилмоқда.

      Айтиш лозимки, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жабрланувчиларни Конституция ва қонунларда акс этган ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилиб, уларга нисбатан жисмоний, руҳий ва жинсий зўрлик ишлатилишига ҳамда куч билан ушлаб турилишига сабабчи бўладилар.

      Мазкур машғулотнинг мақсади тингловчиларга бугунги кунда мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш ва уларнинг барвақт олдини олиш борасида давлат ва ҳукумат даражасида амалга ошириб келинаётган профилактик тадбирларни кенгроқ етказиш ва келгусида бу борадаги ишларда  Ички ишлар органлари олдида турган вазифалар хусусида батафсил етказишдан иборатдир.

 

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати