Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Олмалиқ ўқув базаси Касбий тайёргарлик факультетида таҳсил олаётган тингловчиларнинг ватанпарварлик туйғусини шакллантириш мақсадида Олмалиқ кон металлургия комбинати бош муҳандисининг илм-фан бўйича ўринбосари, техника фанлар доктори, профессор, Россия, Қозоғистон ва халқаро фанлар академияси академиги, Альфред Нобель медали соҳиби Абдурашид Ҳасанов иштирокида Махсус фанлар цикли ўқитувчилари ташаббуси билан “Ватанпарварлик ва инсонпарварлик қалбдан бошланади” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда тингловчиларга бизнинг фахрланадиган, ғурурланадиган аждодларимиз бор. Биз ходимлар ҳам аждодларга муносиб авлодлар бўлиб давлатимиз мустақиллигини кўз қорачиғидай асрашимиз, конституциявий тузумни ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилишимиз, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишимиз, қасамёдга содиқ бўлишимиз кераклиги тўғрисида маълумотлар берилди.
- Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тингловчиларга садоқатли, ватанпарварлик, жасоратли, қасамёдига содиқлик бўлиши, агар ички ишлар органлари ходими яхши мутахассис бўлса-ю, унда ватанпарварлик ёки миллий ғурур сингари инсон учун аҳамиятга эга фазилатлар бўлмаса, бундай ходимлар билан биз олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша олмаймиз, дейди Махсус касбий фанлар ўқитувчиси, подполковник Фарход Ахмедов. - Шунинг учун Ўзбекистон ёшларини Ватанга муҳаббат руҳида, ота-боболаримизнинг жасоратидан ибрат олиб, она-юртимизни асраб-авайлаш эътиқоди, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бепарво ва лоқайд бўлмасликка, халқ ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, Ватанни ҳимоя қилиш, садоқатли, адолатли, ҳалол бўлиш, халққа хизмат қилиш руҳида тарбиялашни таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиб бориш олдимизда турган энг долзарб вазифаларимиздандир.
Давра суҳбати баҳс-мунозараларга бой бўлиб, тингловчиларнинг қизиқтирган барча саволларига тўлиқ жавоб берилди. Абдурашид Ҳасановнинг ўз қаламига мансуб, “Она соғинчи” номли шеъри тингловчиларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати