<

Янгилик ҳақида батафсил

Ички ишлар органлари ходимлари учун «Фуқаролар билан ишлаш модули» бўйича навбатдаги ўқув курслари ўтказилмоқда
May 14, 2024

          Юртимизда ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, ҳамда уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

          Жумладан, Ички ишлар органлари ходимларини «Инсон қадри учун» тамойили асосида давлатнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга алоҳида эътибор қаратилди.

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини «Фуқаролар билан ишлаш модули» бўйича узлуксиз ўқитиш амалиёти йўлга қўйилди.

     Ўқув машғулотлари инновацион педагогик технология, интерфаол метод ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўтказилмоқда. Ностандарт вазиятлар, муаммоли ҳолатлар юзасидан Институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган видеолавҳалар орқали мавзуларга доир ҳуқуқий ечимлар тушунтирилиб борилмоқда

      Ўқув хоналаридаги плакатлардаги ёки ўқув услубий қўланмалар юзидаги QR код орқали тингловчилар ўзлари таҳсил олаётган йўналиш бўйича институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув методик қўланмаларни электрон шаклини мобил телефонларига юклаб олиш имкониятлари яратилган.

      Ўқув машғулотлари интерфаол метод ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиб борилмоқда. Ностандарт вазиятлар, муаммоли ҳолатларда аҳамият қаратиши зарур бўлган жиҳатлар бўйича атрофлича тушунчалар бериляпти. Психологик тренинглар ўтказилмоқда.

       Институтда умумий ва махсус модуллар бўйича анъанавий шаклда узлуксиз ўқитишни ташкил этиш ва ички ишлар органлари ходимларининг хизмат вақтида фуқаролар билан мулоқот жараёнида юзага келадиган муаммоли вазиятлар бўйича амалий дарс жараёнлари йўлга қўйилган.

      Ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан бўлган мулоқот жараёнида, уларнинг муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ва қонуний ечимини топишда институтнинг малакали профессор ўқитувчилар билан бир қаторда тажрибали мутахассислар иштироки таъминланмоқда.

          Институтда давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган дастур асосида ходимлар ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилади ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилади.

 

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати