<

Янгилик ҳақида батафсил

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида навбатдаги битирув тадбири бўлиб ўтди
May 11, 2024

     Унда вазирлик, Бектемир тумани ҳокимияти, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, Институт бошлиғи, ўринбосарлари, кафедра, цикл, бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

      Тадбирда сўзга чиққанлар, Давлатимиз раҳбари томонидан Ватанимиз мустақиллиги, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, профессионал ва халқчил ички ишлар органлари ходимларини шакллантириш, хизмат нуфузини ошириш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, халқимиз осойишталигини таъминлаш, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

     Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янгича тизимини яратилганлиги, ички ишлар органларини эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънода халқпарвар тизимга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтдилар ва қасамёд қабул қилган тингловчиларга келгуси шарафли хизмат фаолиятларида муваффақиятлар тиладилар.

     Ички ишлар органлари салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга институтдаги ўқув жараёнларида алоҳида эътибор қаратилганлигини эътироф этдилар.

     -Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида бизга юридик, касбий, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, жанговар ва жисмоний тайёргарликларга эга бўлдик, деди тингловчи Азамат Саибнозоров. Фуқароларга қонун доирасида хизмат кўрсатиш, турли қалтис вазиятларда рухий барқарор бўлиш, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни қўллаш, ўқ отар қуроллардан моҳирона фойдаланиш бўйича кўникмаларимиз шаклланди. Институтда олган билим ва кўникмаларимизни келгусида она Ватанимиз равнақи, халқимизнинг тинчлиги, фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сафарбар этамиз.

    Тантанали тадбирда ўқув дастурлар талабларини тўлиқ ўзлаштирган якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.  

     Ўқув курси давомида ўзининг касбий, билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришгани ва намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.

      Шунингдек, Бектемир туманидаги ёшлар, ўсмирлар ва 290-293- сон умумтаълим мактаби ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Мактаб ўқувчилари институтдаги мавжуд шарт-шароитлар, ўқув жараёнлари билан танишдилар ва тантанали тадбирда иштирок этдилар.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати