<

Янгилик ҳақида батафсил

Спортнинг “футбол” тури бўйича “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти бошлиғи кубоги”
May 8, 2024

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ўқувчи ёшлар ўртасида футболнинг оммавийлигини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш орқали жисмоний тарбия ва спортга бўлган муносабатларини ўзгартириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

     Дарҳақиқат, ёшларнинг комил инсон бўлиб вояга етиши, камол топишида таълим-тарбия билан бир қаторда спортнинг ҳам катта ўрни бор.  Қолаверса ёшлар аудиторияда билим олишса, спорт майдонларида чиниқиб, куч-қувватга тўлади.

     9 май- Хотира ва қадрлаш куни муносабати Тошкент шаҳар Бектемир тумани умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида “Мактабларда футбол” шиори остида “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти бошлиғи кубоги” мусобақалари  бўлиб ўтди.

   Мазкур мусобақада  Бектемир туманидаги 8 та умумтаълим мактабларининг 8 синф ўқувчиларидан иборат 8 та жамоа иштирок этишди.

     Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, т.ф.н., доцент полковник Олимжон Ахмедов барча йиғилганларни табриклаб, спортчиларга омад тилади. Шунингдек, очилиш маросимида институт профессор-ўқитувчилари, тингловчилари, Бектемир тумани ҳокимияти ва туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул ходимлари, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, туман умумтаълим мактаб ўқитувчилари-ўқувчилари, туман спорт мактаби тренерлари иштирок этишди.

     Муросасиз ва қизғин беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, фахрли биринчи ўринни 290-умумтаълим мактаб жамоаси, иккинчи ўринни 289-умумтаълим мактаб ва учинчи ўринни 291-умумтаълим мактаб жамоалари қўлга киритди.

   Шунингдек, наминациялар бўйича мусобақанинг “Энг яхши дарвозабони” 290-сон умумтаълим мактаб ўқувчиси Мирзанваров Бобур Анвар ўғли, “Энг яхши ўйинчи” 289-сон умумтаълим мактаб ўқувчиси Ахмаджонов Жасур Азиз ўғли ва “Энг яхши мураббий” 293-сон умумтаълим мактаб ўқитувчиси Руслан Хамроқуловлар лойиқ деб топилди.

   Ғолиб ва совриндорлар диплом медаль, кубок ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотландилар.

    Шу билан бирга мазкур мусобақаларда фаол иштирок этганлиги учун Бектемир туманидаги мактаб директорларининг ҳар бирига ИИВ Малака ошириш институти раҳбарияти номидан ташаккурнома эълон қилинди.

   Мусобақанинг тақдирлаш маросимида хушовоз хонанда Жанзе ўзининг куй ва қўшиқлари билан иштирокчиларни ва меҳмонларни баҳраманд этди. ИИВ Малака ошириш институти тингловчиларидан ташкил топган махсус гуруҳ қўл жанги усуллари билан кўргазмали чиқишни намоён этишди.   

 

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати