Ушбу машғулот ИИВ Малака ошириш институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
ИИВ Малака ошириш иститути Юридик фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник О.С.Субанов маҳорат дарси жараёнида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталди. Ўқувчиларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган моддалар 3 баравар кўпайгани, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури изчиллик билан амалга оширилаётгани юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига асосан тасдиқланган иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва ушбу Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га оид зарур ахборот тақдим этилди.
Маҳорат дарси давомида миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Бундай муҳим ва долзарб маълумотлар, шубҳасиз, ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш ҳамда ёшларимиз онгу шуурида инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати