2024 йил 30 апрель 1 май кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши конвенциясининг 40 йиллигига бағишлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош Прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ИИВнинг 2-сонли Академик лицейи маърузалар залида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди.
Мазкур ўқув курси Миллий марказ ва Бош прокуратура, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун ташкил этилди.
Ўқув курсида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Мазкур ўқув курсида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Юридик фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Олимжон Субанов иштирок этиб, “Ушлаб тутиш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзусида маъруза қилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан мазкур ўқув курси халқаро стандартлар ва халқаро тажриба борасидаги янги маълумотларни олишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида бошқа иштирокчилар қатори Институтимиз катта ўқитувчиси О.Субановга ҳам сертификат топширилди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати