Малака ошириш – ходимларнинг ички ишлар органлари хизмат фаолиятига оид касбий билим, малака ва кўникмаларини узлуксиз равишда ошириб бориш, шунингдек, ходимларга махсус унвонлар берилишининг ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинланишининг асосий талабларидан бири сифатида ўқув тайёргарлигини амалга оширишдан иборат.
Малака ошириш жараёнлари узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизими бўйича қуйидагиларни ўз ичига олади:
белгиланган раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун ўқитиш;
навбатдаги махсус унвонлар бериш учун ўқитиш;
касбий билим, малака ва кўникмаларини ошириш учун узлуксиз ўқитиш.
Ички ишлар органларининг офицерлар таркиби лавозимларида хизмат қилаётган ходимларни барча даражадаги бўлим бошлиқлари, туман (шаҳар, тармоқ) ички ишлар органлари бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланишидан олдин малака ошириш курсларидан ўтиши шарт.
Малака ошириш натижасида бериладиган сертификат фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради, сертификат олмаган ходимлар малака ошириш учун камида бир йилдан кейин қайта ўқишга юборилиши мумкин.
Ходимларга навбатдаги махсус унвонлар бериш муддати келишидан камида бир ой олдин ички ишлар органлари раҳбарлари уларни махсус малака ошириш курсларига юборилишини таъминлаши шарт.
Махсус малака ошириш курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган ходимлар ўқув аттестациясидан ўтган деб ҳисобланади ҳамда навбатдаги махсус унвон олиш учун тўғридан-тўғри тавсия этилади.
Махсус малака ошириш курсларига интизомий жазога эга, тиббий кўрик натижасига кўра антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасига эга) яхшилаш учун тавсия этилганлар, хизмат ва жанговар тайёргарлик бўйича синовлардан қониқарсиз баҳоланганлар камчиликларни бартараф этгунга қадар юборилмайди.
Махсус малака ошириш курсларида берилган сертификатлар белгиланган махсус унвонни олиш учун икки йил муддатга амал қилади.
Кредит-модуль тизими бўйича мустақил малака ошириш - Малака ошириш институти томонидан масофавий таълим порталида жойлаштириб бориладиган стандарт ўқув модулларини барча тоифадаги ходимлар томонидан хизматдан ажралмаган ҳолда, мустақил равишда ўзлаштириб боришни назарда тутади.
Бунда ходимнинг модулни ўқишининг сифати, ўзлаштириш учун белгиланган муддатга риоя этиши, видеоконференцалоқа орқали якка тартибда билимини текшириш Малака ошириш институти томонидан белгиланадиган модуль раҳбари томонидан амалга оширилади.
Малака ошириш курсларининг дастурлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади, шунингдек, курслар қўшма дастурлар ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқланган бошқа дастурларга асосан ўтказилади.
Ходимнинг хизмат фаолиятида икки йил ва ундан ортиқ танаффуслар бўлган тақдирда (бола парваришлаш таътиллари, хизматга қайта тикланиш ва ҳоказолар) малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтиши лозим.
Ходимлар ўқув тайёргарлик шаклидан қатъий назар ҳар беш йилда малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт.
Малака ошириш курсларини ўтказишга Ички ишлар вазирлигининг тажрибали амалиётчи ходимлари ҳамда ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари жалб этилиши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг илмий-педагог ходимларини касбий ва педагогик малакасини ошириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шаклларда ҳам ташкил этилиши мумкин.