Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида инспектор-психологлар билан “Ёшлар рақамли даврда: ижтимоий ва руҳий фаровонлик масалалари” мавзусида маъруза машғулоти ташкил этилди.
Мазкур машғулот ЖССТнинг Руҳий саломатлик бўйича Пан-Европа коалициясининг миллий координатори, социология фанлари доктори Ташмухамедова Дилорам Гафурджановна ва Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Аслонова Лайло Олимовналар томонидан ўтказилиб, унда рақамли технологиялар тез суръатларда ривожланаётган ҳозирги даврда ёшларнинг психик барқарорлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий муҳитда муносиб ўрин эгаллаши ва турли салбий таъсирларга қарши психологик бардошини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда, шунингдек, рақамли платформалардаги фаолликнинг ёшлар руҳиятига таъсири, интернет хавфсизлиги, кибержиноятчилик ва виртуал муҳитдаги таҳдидларга қарши профилактик чоралар ҳақида фикр алмашилди. Инспектор-психологларга бу борадаги илғор усуллар ва самарали ёндашувлар тавсия этилди.
Маъруза машғулоти мақсади психологик хизмат ходимларининг касбий малакасини ошириш, ёшлар билан самарали ишлашда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Институт Матбуот хизмати