Бугун Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчиларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ва битирув тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда тингловчиларнинг яқинлари иштирок этди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг, тингловчилар Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга, қонунларга риоя этган ҳолда ўз хизмат бурчини сидқидилдан бажаришга тантанали равишда қасамёд қабул қилдилар.
Тадбир давомида институт раҳбарияти томонидан тингловчиларга ўқув курсини муваффақиятли тамомлагани учун сертификатлар топширилди. Шунингдек, битирувчиларга келгуси хизмат фаолиятларида омад, масъулият ва ҳалоллик ёр бўлиши тиланди.
Мазкур тадбир ёш ходимларда Ватанга хизмат қилишдек шарафли ва масъулиятли бурчни чуқур англаш ҳиссини янада мустаҳкамлади.
Мафтуна Узоқова,
ЎзДЖТУ талабаси,
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот
хизмати амалиётчиси