Навоий вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Икки кунлик мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 70 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.
Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларни бутунлай истисно қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзуларида маърузалар ва машғулотлар ўтказди.
Амалий машғулотларда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, турли кейслар устида ишладилар, қийноқларни аниқлаш ва ҳужжатлаштириш бўйича кўникмаларни ўзлаштирдилар.