Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган аҳоли билан ишлаш бўйича устувор вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 25 май куни Ички ишлар вазири генерал-майор Азиз Ташпулатов томонидан фуқаролар учун навбатдаги шахсий қабул ташкил этилди.
Юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш даражасини янада ошириш ва уларни ўйлантираётган масалаларни жойида ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, аҳоли билан очиқ мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва уларни ечимга йўналтириш – давлат органлари фаолиятининг бош мезонига айланди.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 25 май куни Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, улар томонидан билдирилган мурожаатлар атрофлича ўрганилди.
Тадбир доирасида ички ишлар органлари фаолиятига доир турли йўналишлардаги жами 491 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатлар бевосита фуқароларнинг ҳаётидаги оғриқли нуқталарни акс эттириб, уларни ечимга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини аниқлаш ва тизимли ҳал этишга алоҳида урғу берилди. Қабул қилинган мурожаатлардан 187 таси (38 фоизи) тегишли ҳуқуқий асослар билан ижобий ҳал этилди. Қолган 304 та мурожаат (62 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилиши туфайли ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича махсус вазифалар юклатилди.
Бугунги кунда ички ишлар органлари томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқот ўрнатишга, уларнинг муаммоларини бевосита жойларда ўрганиш ва ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Барча даражадаги раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар, юзма-юз учрашувлар ва мурожаатларни тизимли равишда кўриб чиқиш амалиёти изчил йўлга қўйилган.