<

Янгилик ҳақида батафсил

Зиёратгоҳлар - маънавий юксалиш манбаи
May 26, 2025

      Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари тарихий обидалар  ва қадамжолар ҳақида маълумотларни янада бойитиш учун Тошкент вилояти Паркент тумани Заркент қишлоғида жойлашган “Заркент ота” зиёратгоҳини зиёрат қилдилар.

       Чотқол тоғ ён бағрида жойлашган “Заркент бобо”, “Қуш қўнмас авлиё” номлари билан машҳур бўлган зиёратгоҳдаги табиий булоқ Заркент қишлоғини ичимлик сув билан таъминлайди.

         Зиёратгоҳ ходимларининг таъкидлашича, ушбу зиёратгоҳнинг ўзига хос ноёб хислати бор. Бу жойдаги дарахт ва буталарга булбулдан бошқа қуш қўнмайди. Ривоят қилинишича, асли Шомда туғилган ва замонасининг илмли кишиси бўлган Сайид Жаъфар Ғозий Заркентга келгани, бу ерда у кишига Ҳизр алайҳиссалом учрагани, Сайид Жаъфар Ғозийнинг ташналигини қондириш учун ҳассасини тошга уради ва булоқ пайдо бўлгани, Ғозий душманлари таъқибидан халос бўла олмагач, ушбу булоқ атрофидаги бутазорга кириб кетган ва қайтиб чиқмаганлиги, маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу булоқ сувидан ичган одамлар бўқоқ касали билан деярли оғримаслиги тўғрисида мажмуа мутахассислари маълумотлар бердилар.

              Тингловчилар ўз навбатида ушбу ривоят ва тарихий битикларни мароқ билан эшитиб, ўзлари учун янги маълумотларга эга бўлдилар. Она табиат қўйнида қўним топган ушбу масканнинг табиати, ҳавоси ҳам тингловчиларда катта таассурот қолдирди, қолаверса тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар ҳақида маълумотларга эга бўлган шахснинг маънавияти ҳам мустаҳкам бўлиши таъкидланди.