<

Янгилик ҳақида батафсил

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Анварович Ташпулатовнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
March 7, 2025

       Ички ишлар органлари, ҳарбий тузилмалар ва таълим муассасаларида хизмат қилаётган азиз опа-сингилларимизни, фахрий аёлларимизни баҳор фаслининг нафис айёми 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.

     Аёлни эъзозлаш миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилатдир. Шу боис, Сиздек шижоатли хотин-қизларимизнинг ҳам оиласига, ҳам жамиятга фойдаси тегаётган жасорати, матонати ва иродасини ҳар қанча таърифласак озлик қилади.

      Юртимизда олижаноб халқимиз, биринчи навбатда, хотин-қизларимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган. Жумладан, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси самарали иш олиб бораётганини таъкидлаш лозим.

      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев «Биз Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради», дея алоҳида таъкидлаганлар.

      Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби ички ишлар органлари тизимида ҳам кўплаб хотин-қизларимиз халқ манфаатлари йўлида фидойилик ва садоқат билан хизмат қилиб келмоқдалар.

     Шуни фахр билан таъкидлаш жоизки, ички ишлар органларидаги фаол аёлларнинг хизматлари давлатимиз томонидан доимо муносиб қадрланиб, ҳар йили улар юксак унвон ҳамда давлат мукофотлари билан тақдирлаб келинмоқда. Бу барчамиз учун қувонарли бир ҳол бўлиб, бундай муваффақиятларингиз бардавом бўлишини тилаймиз.

       Муҳтарама аёллар, азиз опа-сингиллар фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу айём билан яна бир бор табриклаб, сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

 

         Вазир
  генерал-майор                                                                А.А. Ташпулатов