Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, бинобарин, айни йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 20 февраль куни "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-1033-сонли қонун қабул қилинди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ шахсий таркибига мазкур қонуннинг мазмун ва моҳияти тушунтирилиб, қонун бўйича тест синовлари ҳам қабул қилинди.
Машғулот қатнашчилари томонидан амалиётда дуч келаётган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар жавоб бердилар.
Дарҳақиқат, мазкур Қонун йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлашга ҳамда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Институт Матбуот хизмати