Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида таҳсил олаётган туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг хизмат бўйича ўринбосарлари билан эгалланган назарий билимларини амалиёт билан боғлаш мақсадида Вазирлик Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказига ташриф буюрдилар.
Масъул ходимлар томонидан тингловчиларга марказнинг асосий фаолияти ҳақида кенг тушунтиришлар берилди. Жумладан, профилактика инспекторларининг фаолияти бўйича назорат қилиш ва баҳолаш тизими, бунда “Е-Жамоат хавфсизлиги”, “Е-Ижтимоий вазият” каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари ҳамда “Ақлли” кузатув камералари интеграцияси, учувчисиз қурилмаларни қўллаш, шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл-патрул, пост-патрул ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар, оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш каби зарурий маълумотлар берилди.
Мазкур машғулот давомида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди ҳамда уларга хизмат фаолиятида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар юзасидан зарурий маслаҳатлар берилди.
Институт Матбуот хизмати