<

Янгилик ҳақида батафсил

Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди
Feb. 9, 2024

      Буюк ўзбек шоири, мутафаккир,  давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ҳар йили 9 февраль куни юртимизда кенг нишонланиб, адабий-маърифий тадбирлар,   мушоиралар ўтказилади. Айни кунда Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги чексиз эҳтиром билан нишонланмоқда.

    Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига эрта тонгдан ташриф буюрган Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари ижодкор зиёлилар, адабиёт мухлислари, навоийшунос олимлар, турли вазирлик ва ташкилотларнинг вакиллари, талаба-ёшлар билан бир қаторда аллома шоир бобомиз меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги маънавий-маърифий тадбирда иштирок этдилар.  

    Тадбирда Навоий ўз асарларида халқлар дўстлиги, айниқса, туркий халқлар ҳамжиҳатлигига, таълим-тарбия, мураббийлар фаолиятига устувор аҳамият қаратганлигига, миллий ўзликни теран англашда Навоий ижодини мукаммал ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

    Тантанали тадбирда шоирлар Алишер Навоийга бағишланган шеърларини ўқиб бердилар. Ёшлар ва талабалар шоирнинг ғазалларидан айтдилар. Санъаткорлар томонидан шоир ғазали билан айтилувчи қўшиқлари ижро этилди.    

        Шундан сўнг бошқа иштирокчилар қатори Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳавий хизмат ходимлари билан биргаликда Институт профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари ҳам гулчамбарлар қўйиш асносида Мир Алишер Навоий сиймосига ўзларининг ҳурматларини намоён этдилар.

      Дарҳақиқат, улуғ бобомиз хотирасини эъзозлаш, унинг ижодий меросини ўрганиш, келгуси авлодларга етказиш ҳар биримизнинг олий вазифамиздир.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати