Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Институт профессор-ўқитувчилари, бўлим ва хизматлар ходимлари ва тингловчилар иштирок этдилар.
Тадбирини Институт бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов кириш сўзи билан очиб, Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ўзи ҳам тадбир иштирокчиларини юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашдек масъулият вазифани бажаришида муваффақият тилади.
Шундан сўнг, тадбирда хизмат фаолияти давомида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар мукофотланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони билан ИИВ Малака ошириш институти бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Қодиржон Атабоев, “подполковник” махсус унвони билан майор Рахмидин Джураев, Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан подполковник Эркин Хушвақтов, майор Дилшод Мирзабаев, 2-даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан Фарход Ахмедов, 3-даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан подполковник Джура Аллаёров, Ички ишлар вазирлигининг қимматбаҳо совғаси – китоблар тўплами билан сафдорлар Тимур Халмуратов ва Мухайё Эгамқуловалар тақдирланди.
Тадбирда истиқлолимиз, унинг беқиёс неъматлари, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадр-қиммати улуғланди.
Институт Матбуот хизмати