<

Янгилик ҳақида батафсил

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг ички ишлар органларида хизмат қилаётган тиббиёт ходимларига йўллаган байрам табриги
Nov. 11, 2023

 

Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз, азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ички ишлар органларида хизмат қилаётган барча ходим ва ҳарбий хизматчилар номидан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев тиббиёт ходимларига йўллаган байрам табригида заҳматли хизматларингизни юқори баҳолаб, “Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз”, – дея таъкидлаганлар.

Бу сўзлар ҳар бир тиббиёт соҳаси ходимига чексиз фахр
ва ғурур бағишлаб, янги-янги ютуқлар сари руҳлантиради, албатта.

Бугун “Барча ислоҳотлар инсон қадри учун” деган эзгу тамойил ифодасини соғлиқни сақлаш тизимига юксак эътибор қаратилаётганида ҳам кўриш мумкин. Ислоҳотлар натижасида тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда. Республикамиздаги шифохоналарда ҳар йили ўнлаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилаётгани бунинг тасдиғидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида кўп сонли шифокор ва ҳамширалар, ўрта тиббиёт ходимлари ва хизматчилар самарали меҳнат қилмоқда. Улар орасида катта тажриба, билим ва касбий малакага эга бўлганлари кўпчиликни ташкил этади.

Қувонарли жиҳати шундаки, тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган соҳа ходимларининг самарали хизматлари туфайли сўнгги йилларда шахсий таркибнинг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишига эришилмоқда. Ўтказилган тиббий профилактик тадбирлар натижасида ходимларнинг турли касалликларга чалиниши сезиларли даражада камаймоқда.

Ҳар қандай соҳада қулай ва замонавий иш шароитларининг яратилгани, моддий-техник базанинг мустаҳкамлиги муваффақиятларнинг асосий омилларидан саналади. Шу боис ички ишлар органлари тиббиёт хизматида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги даволаш-профилактика муассасалари бунёд этилмоқда, мавжудлари капитал таъмирдан чиқарилиб, беморлар ҳамда тиббиёт ходимлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, тизимда даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун ички ишлар органларининг кўп сонли шахсий таркиби жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифаларни фидойилик ва бурчга садоқат билан бажариб келмоқдалар.

Зиммамизга юклатилган барча масъулиятли вазифалар тўлақонли амалга оширилишида, ҳеч шубҳасиз, тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган жонкуяр ва фидойи тиббиёт ходимларининг ҳиссаси беқиёс.

Қадрли тиббиёт ходимлари!

Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган кўп сонли ходимларимизнинг Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифаларни тўлақонли амалга оширишларида Сиздек жонкуяр ва фидойи шифокорларимизнинг муносиб ўрни борлигини таъкидлаш лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз меҳнати билан эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасини кўрсатаётган барча тиббиёт ходимларини ушбу қутлуғ айём билан яна бир бор табриклаб, масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан зафарлар тилаб қоламан.

Вазир

генерал-лейтенант

П.Р. Бобожонов