<

Янгилик ҳақида батафсил

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказининг тамал тоши қўйилди
Oct. 2, 2024

 

   Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Курбанов Зуфар Камилевич ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказига тамал тоши қуйилди.

   Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ҳамда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

   Мазкур ўқув маркази Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Корея Республикаси Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказини ташкил етиш бўйича салоҳиятни ошириш лойиҳаси”  асосида барпо этилади.

   Мазкур  беғараз грант лойиҳасини амалга ошириш 2023-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 6 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

   Грант лойиҳаси доирасида ИИВ Малака ошириш институтида қурилиши режалаштирилган бино полиция автомобиль бошқарув симулятори, суд экспертизаси, тергов ва жиноят содир этилган воқеа жойи хоналари ҳамда виртуал симуляция ва моделлаштириш марказидан ташкил топиб, уларнинг барчаси Корея технологияси асосида қурилиб жиҳозланади.

   Мазкур марказ ички ишлар органлари ходимларини замонавий технологиялар асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имконини беради.