Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида навбатдаги бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси якунланиши муносабати билан 64 нафар тингловчиларнинг битирув тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Ўқув курси Вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилди. Назарий ва амалий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки, замонавий ахборот коммуникatsiя технологияларини ҳамда интерфаол усулларни қўллаган ҳолда давра суҳбати, баҳс-мунозара, семинар-тренинг, амалий машғулот шаклларида олиб борилди.
Машғулотларда тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар-жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар билан мулоқотларда юзага келадиган ностандарт вазиятлар, муаммоли ҳолатлар юзасидан Институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган видеолавҳалар орқали мавзуларга доир ҳуқуқий ечим ва тавсиялар кўрсатилди. Шунингдек, дам олиш кунлари “Шаҳидлар ҳиёбони”, “Ғалаба” ва “Янги Ўзбекистон” боғларига экскурсиялар ташкил этилди.
Бугунги тадбирда сўзга чиққан Институт бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ички ишлар органлари тизимларида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб, бундан кўзланган мақсад соҳани жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши кураша оладиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қодир етук малакали кадрлар билан таъминлаш эканлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугун Институтни битираётган тингловчиларимиз юрти- мизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш йўлида ўзларининг бор куч-ғайратлари ҳамда билим ва кўникмаларини сафарбар этадилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, соҳани билимли, замонавий фикрлайдиган, юксак инсоний ва етук салоҳиятга эга ёш кадрлар билан тўлдириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар.
Тантанали тадбирда ўқув дастурлар талабларини тўлиқ ўзлаштирган якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга диплом ва сертификатлар топширилди.
Шунингдек, ўқув курси давомида ўзининг касбий билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати