Тинчликни таъминлаш фуқаролар хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш Ички ишлар органлари ходимлари зиммасидаги улкан масъулият. Шарафли бурчни адо қилаётган ҳар бир ходим бугунги кунидан мамнун, эртанги кунига ишончи мустаҳкамдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун Ички ишлар органлари фаолияти тубдан такомиллашди, соҳага янги инновацион технологиялар жорий этилиши, янги маъмурий биноларнинг қурилиши ходимлар учун яратилган имкониятлар фақат ва фақат яхши меҳнат муҳитини яратишга қаратилган. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш Департаменти учун яқинда қуриб фойдаланишга топширилган янги ва замонавий бинони ҳам ана шу ислоҳотлардан бири дейиш мумкин.
Тошкент вилояти Зангиота туманининг Боғзор қўрғонида жойлашган мазкур бинода ходимлар учун барча шароитларга эга бўлган кенг ва шинам хизмат хоналари, муҳташам маънавият ва маърифат зали ҳамда видеоселектор хонаси барпо этилган. Ходимлар спорт билан мунтазам шуғулланиб, жисмоний тайёргарликларини ошириб боришлари учун ҳам барча имкониятлар мужассам. Жумладан ёзги ва қишки мавсумга мўлжалланган спорт майдонлари барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Тантанали очилиш маросимига Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожонов бошчилигида вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, Ички ишлар органлари фахрийлари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюрди. Тадбирда Ички ишлар вазири сўзга чиқиб, бу каби ислоҳотлар замирида инсон қадри улуғланиши, ходимларнинг иш унумдорлигини ошириш уларга зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доим муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлаб ўтди.
Маросим давомида мазкур бинони барпо этилишида жонбозлик кўрсатган қурувчи усталар, фидоий ходимларга эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг вазирлик раҳбарияти ва фахрийлар иштирокида “лента” кесилиб, меҳмонлар бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.