<

Янгилик ҳақида батафсил

“Одам савдосига доир ишларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш бўйича амалий қўлланма”нинг тақдимоти бўлиб ўтди
Aug. 14, 2024

       Пойтахтимиздаги "Courtyard Marriot” меҳмонхонасининг конференциялар залида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Маркази Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Одам савдосига доир ишларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш бўйича амалий қўлланма”сининг тақдимоти бўлиб ўтди.

    Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратураси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ИИВ Малака ошириш институти ва ИИВ Академияси ходимлари иштирок эди.

      Қўлланма халқаро ташкилотлар тавсиялари ҳамда одам савдосига қарши курашиш масаллари бўйича Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Қўлланма одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш ва жиноий таъқиб қилиш билан шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ходимлари, шунингдек, таълим муассасалари ва малака ошириш курслари ўқитувчилари ва тингловчиларининг билим даражасини оширишга мўлжалланган.

     Тақдимотда сўзга чиққан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Улуғбек Расулев, қўлланмада тавсиялар ва ўқув материаллари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган назарий ва амалий масалалар таҳлил қилинганлигини эътироф этди. Бу қўлланма ИИВ Малака ошириш институти тингловчиларининг билим ва кўникмаларини оширишда муҳим адабиётлардан бирига айланади. Полковник У. Расулев бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, келгусида ҳамкорликда семинар-тренинглар ўтказиш ва бошқа йўналишларда ҳам адабиётларни ҳамкорликда яратиш бўйича таклифлар билдирди.    

  Келгусида ушбу қўлланма Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг (ИИВ, Суд, прокуратура) ходимларининг семинар-тренинг, қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитишга хизмат қилади.

 

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати