Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида навбатдаги бошлинғич касбий тайёргарлик курси якунланиши муносабати билан 270 нафарга яқин тингловчиларнинг битирув тантанали тадбири бўлиб ўтди. Унда вазирлик мутасаддилари, Бектемир тумани ҳокимияти ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлари ходимлари, Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, битирувчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўқув курси давомида тингловчиларга умумий тайёргарлик, умумкасбий тайёргарлик ва махсус фанлардан пухта билим берилиб, уларнинг юксак касбий ҳамда жанговар-жисмоний кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаритилди. Ўқув машғулотлари замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда интерфаол усулларда олиб борилди.
Ўқиш давомида улар нафақат касбий, жанговар-жисмоний, балки маънавий-ахлоқий билимларни мукаммал эгаллаб, ўз маҳоратларини мунтазам ошириб бордилар. Тингловчилар билан режа асосида маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилиб борилди.
Ўқув курси якунида ўтказилган синов ва имтиҳонлар натижасига кўра тингловчиларнинг барчаси сертификатга лойиқ деб топилди.
Саф майдонига оркестр садолари остида Институт жанговар байроғи олиб кирилгач, битирувчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди.
- Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида 3 (уч) ой давомида биз юридик, касбий, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, жанговар ва жисмоний тайёргарликка эга бўлдик, дейди битирувчи лейтенант Хусан Оқбўтаев. – Фуқароларга қонун доирасида хизмат кўрсатиш, турли қалтис вазиятларда руҳий барқарор бўлиш, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни қўллаш, ўқ отар қурололардан моҳирона фойдаланиш кўникмаларимиз шаклланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги, албатта, халқни рози қилиш учун ички ишлар органлари ходимлари юксак билимли ва малакали, касб сирларини пухта ўзлаштирган бўлишлари лозимлиги эътироф этилди.
Шунингдек, ўқув курси давомида ўзининг касбий билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришгани ва намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати