“Ходимларнинг эслаб қолиш қобилиятини янада шакллантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида вазирлик фармойишига асосан ўтказилаётган “Жисмоний ва жанговар тайёргарлик ойлиги” доирасида Ўзбекистон Мнемоспорт федерацияси раҳбари Давронбек Турдиев ва унинг жамоаси билан “Ходимларнинг эслаб қолиш қобилиятини янада шакллантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида эслаб қолиш санъати, унга эришиш учун нима қилиш кераклиги, нима учун инсонлар ўртасида хотира сустлиги жуда кўп учраётганлиги, улар бировларга хотираси ёмонлигидан шикоят қилиши, аслида эса, уларда хотира эмас, балки кузатувчанлик ёмонроқ бўлиши тўғрисида тушунчалар берилди. Юксак хотирага эга бўлиш уддалаб бўлмас иш эмаслиги, аслида у жуда осон: кузатувчанлик, диққатни жамлашни ўрганиш, саналарни ёдда сақлаб қолиш учун суратлар билан боғланиш, исмни эсда сақлаш учун унинг маъносини билиш, қандай ёзилишига эътибор бериш, дарсликларни қайта-қайта такрорлаш орқали эсда қолдириш каби йўллардан иборат эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда мутахассислар томонидан мия ривожланиши инсонга жуда кўп ижобий таъсир кўрсатиши ва ҳаёт сифатини яхшилашга ва мақсадларга эришишга ёрдам бериши тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан мияни ривожлантириш учун машқлар кўрсатилиб, керакли тавсиялар берилди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати