Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда Ички ишлар органларининг барча даражадаги бўлим бошлиқлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиғининг ўринбосарлари лавозимига тайинлаш учун касбий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича малака ошириш ўқув курси тингловчилари байрам муносабати билан Бектемир туманида жойлашган 574-сонли “Қувонч” номли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, ушбу муассаса тарбияланувчиларининг аҳволидан хабар олиш билан бир қаторда, болажонларни бугунги айём билан қутладилар.
Шундан сўнг, институт профессор-ўқитувчилари ва тингловчилар билан биргаликда болажонлар турли ўйинлар ўйнадилар.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мактабгача таълим муассасасида ўтказилган тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Институт ходимлари ва тингловчилари ташаббуси билан ташкил этилган турли хил ўйинчоқлар жамланмасидан иборат совғалар тарбияланувчиларга берилиб, уларга хуш кайфият улашилди. Кўрсатилган меҳр-мурувват, қаратилган эътибор сабаб мурғак ва беозор қалбларнинг юзида қувонч барқ уриб, кўзларида эртанги кунга бўлган ишонч янада ошди.
Эътибордан мамнун бўлишган болажонлар, янграган куй-қўшиқларга тингловчилар билан бирга рақсга тушдилар. Бу тадбирга ташриф буюрган барчани, жумладан ота-оналарни ҳам мамнун қилди.
Албатта, мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган болажонларнинг қувонч-у шодликлари, севинишлари тарбиячиларга куч ва бардамлик бахш этди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати